Nyozbek-yo’li: «Снос» ва компенсация тўлаш масаласидаги ноқонуний ишларни ким назорат қилади?
29.04.202224 апрель куни Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Ниёзбек йўли кўчасидан келган шикоят юзасидан аҳоли билан учрашдик.
«AKAY CITY» яқинидаги ушбу ҳудуддан 10 гектар яқинидаги аҳоли турар жойларини бузиб, кўп қаватли бинолар қуришни бошлаган «STEEL QUALITY BUSINESS» МЖЧ раҳбарлари халқнинг дардини эшитмаяпти ва умуман эшитиш нияти йўққа ўхшайди.
Аҳолининг таъкидлашича, уларнинг уйидан 8 метр масофа узоқликда бошланган қўпқаватли бинонинг қурилиш ишлари сабабли 24 соат уларга тинчлик йўқ: шовқин-сурон, табиатга зарарлар, аҳлат уюмлари, ҳар хил бегона шахслар, хавфсизлик чоралари кўрилмаган ва хкз.
Фирма ушбу ҳудудда узоқ йиллардан бери яшаётган резидентларга уйларини бузиш эвазига уларга умуман маъқул келмаётган шаҳарнинг чекка ҳудудларидан уй таклиф қилган. Аҳоли эса бунга рози бўлмаган. Бу орада уларга нисбатан таҳдидлар, босимлар бўлган. Ҳатто «STEEL QUALITY BUSINESS» МЖЧ аҳолидан ерни тортиб олиш учун Ф.ни судга ҳам берган. Мақсад, аҳолини шу усул билан тезроқ ерни топширишга мажбур қилиш. Шу орада ўртада Рустам исмли маклер пайдо бўлиб, фирманинг югурдагига айланган. У уйма уй юриб, аҳолига тезроқ уйдан чиқиб кетишларини, акс ҳолда мажбуран уларни ҳайдаб чиқаришини таъкидлаган. Мақсад, аҳолининг шахсий мулки бўлган ушбу турар жойларни қўрқитиш йўли билан тезроқ қўлга киритиш.
Резидентларнинг айтишича, 5 нафарга яқин кексалар шундай жанжаллар ва босимлар сабабли қон босими ошиб ёки юраги хуруж қилиб вафот этган.
Аҳоли фирмани судга беришдан фойда йўқлигини, чунки бир неча марта турли давлат ташкилотларига ёзган мурожаатларига қониқарсиз жавоб олишганини айтди.
Атрофдаги қурилиш оқибатида аҳоли хануз яшаётган уйлар деворларига дарз кетганини фотолар гапирсин.
Бу аҳвол 2017 йилдан бери давом этиб келмоқда.
Аҳолининг айтишича, фирма қурилиш ишлари учун фойдаланиб келаётган коммунал хизматларнинг қонунийлигини текшириш лозим.
Умуман, улар билан суҳбатимиз давомида аниқ бўлдики, снос билан боғлиқ жараёнларни текшириш, батафсил мониторинг қилиш лозим. Бунда бошқа жуда кўп гаплар ошкор бўлиши тайин.