Ўзбекистон ҳукумати мажбурий кўчириш амалиётини давом эттирадими?
26.10.2021Ўтган йилнинг ёзида Ўзбекистон ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида уйларни бузиш пайтида хусусий мулкни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритиш бўйича брифинг бўлиб ўтди.
Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов хусусий мулк ҳали ҳам қуйидаги қонунлар билан ҳимоя қилинишини таъкидлади:
– Конституция, 36, 53-54-моддалар;
– “Ўзбекистон Республикасидаги мулкчилик тўғрисида”ги қонун;
– “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун;
– “Қишлоқ хўжалигига тегишли бўлмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун;
– Фуқаролик кодекси;
– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодекси.
Вазир ўринбосари 2016-2020 йиллардаги қонунбузарликлар тўғрисида қуйидаги маълумотларни берди:
– огоҳлантиришсиз бузишга оид 846 та ҳолат;
– огоҳлантириш муддатига риоя қилмаслик билан бузишга оид 1388 та ҳолат;
– дастлабки баҳолашсиз бузиб ташлаш билан боғлиқ 1244 та ҳолат;
– товон пули тўламасдан бузиш билан боғлиқ 430 та ҳолат.
2016-2019 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун 6479 та хусусий кўчмас мулк объекти бузилди ва тўланмаган компенсация миқдори 335,6 миллиард сўмга (= 31,6 миллион АҚШ долларига) етди. 2020 йилда умумий компенсация миқдори 99,4 миллиард сўмни (= 9,4 миллион АҚШ доллари) ташкил қилган 263 та кўчмас мулк объекти бузиб ташланди.
Янги қонун лойиҳасида қуйидагилар таклиф қилинган:
– бузилишга тушган ҳудудлар рўйхатини эълон қилиш;
– эгалари билан олдиндан муҳокама қилиш ва уларнинг розилигини олиш тартиби;
– мулкни тарк этиш муддати: компенсация олинган кундан бошлаб 6 ой ичида;
– мулк қийматининг 5 фоизи миқдорида қўшимча маънавий компенсация тўлаш;
– компенсация тўлаш кечиктирилган тақдирда индексация;
– уй-жой учун компенсация беришда ижтимоий меъёрни (камида 16 квадрат метр) ҳисобга олиш керак.
Шуни қўшимча қилиш керакки, ҳозирча (2021 йил октябрь) бундай қонун қабул қилинмаган.
Брифингда Facebookдаги “Тошкент СНОС” гуруҳи фаоллари иштирок этишди.
Мени мажбурий кўчириш масаласи қизиқтирди.
Ўзбекистон қонунчилигида қонунга бўйсунувчи уй эгаси хусусий мулк ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкинлиги ҳақида биронта меъёр йўқ. Бироқ ўзбек судьялари Уй-жой кодексининг муниципал уй-жойлардан кўчиришни тавсифловчи 71-моддасига биноан кўчириш тўғрисида қарор қабул қилишади ёки судьялар фуқаронинг мулкидан маҳрум бўлган меъёрни умуман кўрсатмайди (шу даражада!).
Шунга кўра, мажбурий кўчириш тартиблари процессуал қонунчиликда таърифланмаган. Натижада кўчириш энг қаттиқ ва шафқатсиз тарзда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларининг тўпланиши, дарвозаларни қулатиш ва эшикларни синдириш билан содир бўлади. Прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) кўчириш жараёнлари учун масъулдир. Кўчиришда об-ҳаво шароити, кўчирилганларнинг соғлиғи, уларнинг оилавий аҳволи ҳисобга олинмайди (масалан, болали, ҳомиладор аёлларни ва ҳоказоларни кўчириш жуда осон).
Бундан ташқари, мажбурий кўчириш мулк эгаси ҳануз кўчириб юбориш тўғрисидаги суд қарорларидан шикоят қилаётган бир пайтда амалга оширилади. Масалан, тошкентлик Мавжуда Маматқосимова исмли аёл Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилган, аммо МИБ ходимлари Олий суд қарорини кутмаган ва ўтган йилнинг март ойида жуда қўпол ва шафқатсиз кўчиришни амалга оширган. Икки ҳафта ўтгач, Мавжуда вафот этди.
Мен янги қонунчиликда мажбурий кўчириш тартиби тасвирланганми ёки жабрланувчининг соғлиғи ва оилавий ҳолати, об-ҳаво шароити ҳисобга олинадими, деб сўраганимда, тайинли жавоб берилмади. Адлия вазири ўринбосари мажбурий кўчириш бўлмаслигини, мажбурий сотиб олинишини айтмоқчи бўлди. Лекин Ўзбекистон қонунчилиги мажбурий битимларни тақиқлайди! Жавоб йўқлигидан хулоса қилдикки, ўзбекистонлик қонун чиқарувчилар мажбурий кўчиришни ҳеч қандай тарзда тартибга солмоқчи эмас.
Президиумда ҳозир бўлган Олий суд судьяси Нодира Ҳакимова бу брифинг “ҳар хил шахсий масалалар” эмас, балки қонунчилик ислоҳотларига бағишланганини таъкидлаб, мажбурий кўчириш ҳақида гапиришни тўхтатишга ҳаракат қилди. Бироқ ҳаёт шахсий масалалардан иборат ва ҳуқуқий ислоҳотлар уларни ҳисобга олиши керак. Биз унга шуни айтдик.
Қизиғи шундаки, Нодира Ҳакимова бошқа бир тошкентлик аёл Ольга Абдуллаевани ўз уйидан чиқариб юборган судьядир.
Бу ҳолат у фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди судьяси бўлган пайтида содир бўлган эди.
“Нодира Ҳакимова 2019 йил ноябрь ойидан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳри судидаги апелляция шикояти бўйича менинг ишимни яхши билади. У ишимни судья Салоҳиддинов раислигида кўриб чиқди. У мени уйдан кўчириш ҳақидаги қарорга имзо чекди. Бу ўша Нодира Ҳакимова, 2020 йил 13 мартда мени ноқонуний равишда кўчириб юбориш тўғрисида қарор чиқарган… Айнан шу қарордан кейин МИБ ходимлари дарвозамни бузиб, нарсаларимни қурувчининг машинасига ортишди. Буларнинг барчаси ковид изоляцияси пайтида, Олий суд аризани қабул қилмаган пайтда содир бўлди. Ҳамма почта идораси орқали ишлаган ва прокуратурага ёзилган хатлар тўрт ойдан кейин очилмаган ҳолда қайтиб келган. Аммо изоляция пайтида мени кўчириб юборишлари мумкин”, дейди Ольга Абдуллаева.
Айтганча, Нодира Ҳакимова Ольга Абдуллаеванинг уйи бузилганидан кейин лавозими кўтарилган ягона судья эмас. Ольгани кўчириш тўғрисида буйруқ берган Миробод туманлараро суди судьяси М.Зокировани Тошкент шаҳри судига “кўчиришди”.
У шундай муҳим қарорни қабул қилишда қуйидагиларни таъкидлади: “Менда сизни кўчириб юбориш учун қонун йўқ, лекин мен сизни кўчириб юбораман”.
Абдуллаевани мажбуран кўчириб юбориш ва мазкур судьяларнинг карьераси ўртасида сабабий боғлиқлик бор-йўқлигини биз билмаймиз. Балки бу шунчаки тасодифдир.
Брифингда Ольга Абдуллаева муаммо ҳақидаги тасаввурини баён қилди:
“Ўзбекистон Конституциясининг 53 ва 54-моддаларига, шунингдек, Фуқаролик кодексининг 164 ва 166-моддаларига биноан, хусусий мулк дахлсиз, давлат ҳимоясидадир, мулкдор ўзига тегишли мол-мулкка ўз ихтиёрига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.
Олий суд Пленумининг 2001 йил 14 сентябрдаги Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти тўғрисидаги ва 2004 йил 24 сентябрдаги Якка тартибдаги уйга эгалик қилиш билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги қарорларга шарҳларининг 2 ва 3-бандларида айтилишича, судлар хусусий мулкни сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ даъволар бўйича юрисдикцияга эга эмас.
Уй-жой низоларини ҳал қилишда судлар уй-жойларнинг ҳуқуқий мақомини, хусусий ёки давлат уй-жой фондига тегишли эканини аниқлаши шарт. Бундай даъво аризаларини беришда судлар Фуқаролик процессуал кодексининг 194-моддаси 1-қисми 1-банди асосида аризани рад этишлари шарт. Фуқаролик даъвоси бўлса, судлар Фуқаролик процессуал кодексининг 124-моддаси 1-қисми (Олий суднинг юқорида айтиб ўтилган қарорининг 3-банди) асосида иш юритишни тўхтатиши шарт.
Хусусий юридик шахслар фойдасига хусусий мулкни тортиб олиш тўғрисидаги низолар судларнинг юрисдикциясига тааллуқли эмаслигини ҳисобга олиб, юридик шахс фойдасига хусусий мулкни олиб қўйиш тўғрисидаги барча қарорлар процессуал ва моддий қонунларни бузган ҳолда қабул қилинган, яъни улар ҳеч бўлмаганда ноқонуний.
Охир-оқибатда бошқа шахслар фойдасига хусусий мулкни тортиб олиш тўғрисида қарор чиқарган судлар энг камида Ўзбекистон Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларини бузди, масалан:
192-модда – “Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш”;
205-модда – “Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш”;
206-модда – “Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш”;
231-модда – “Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш”.
Жиноят кодексининг юқоридаги барча моддалари “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддаси 3-қисми билан ўзаро боғлиқ.
Хусусий юридик шахс фойдасига хусусий мулкни тортиб олиш тўғрисидаги суд қарорлари “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида берилган коррупция таърифига киради.
Бундан ташқари, судлар фақат Ер кодексининг 37-моддасида назарда тутилган давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини тортиб олиш тўғрисидаги даъволарни кўриб чиқиши мумкин (тўғридан-тўғри мулкдорнинг мулкини тортиб олишга қаратилган эмас).
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил ноябргача амалда бўлган 2006 йил 29 майдаги 97-низомининг 3-қисми 4-бандига мувофиқ, “туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан ер участкаси олиб қўйилиши ва ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан кейин юқорида кўрсатиб ўтилган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар бошқа шахсларга берилиши мумкин эмас”.
Кейин Ольга жавобсиз қолган саволларни берди:
“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Конституцияси билан кафолатланган хусусий мулк дахлсизлигини қўпол равишда бузган судьяларга нисбатан Олий суд ва Бош прокуратура раҳбарияти томонидан қандай чоралар кўрилади?
Қандай қилиб ва кимнинг ҳисобидан судлар хусусий мулки ноқонуний тарзда олиб қўйилган мулкдорларга етказилган зарарни қоплайди?
Қасддан адолатсиз қарор чиқарган судьялар қонун олдида ҳамма тенглиги таъкидланган Конституциянинг 18-моддаси асосида, Жиноят кодексининг 192, 205, 206 ва 231-моддалари билан билан жавобгарликка тортиладими?”.
Муаллиф: Фарида Шарифуллина, Элтуз таржимаси