Тошкент чўлланишда давом этяпти. 2021 йилда экилган 75 минг дарахтнинг 52 мингдан ортиғи қуриб қолган

Тошкент чўлланишда давом этяпти. 2021 йилда экилган 75 минг дарахтнинг 52 мингдан ортиғи қуриб қолган

26.07.2021 Off
Тошкент чўлланишда давом этяпти. 2021 йилда экилган 75 минг дарахтнинг 52 мингдан ортиғи қуриб қолган

Пойтахтдаги ҳисобсиз қурилишлар энг аввало табиатга, хусусан кўп йиллик дарахтларнинг нобуд қилинишига сабаб бўляпти. Ҳар йили минглаб ишчи кучи ва миллиардлаб маблағ сарфлаб экиладиган дарахт кўчатларининг катта қисми ёз келмай қуриб битмоқда.

Табиат деганда кўз ўнгимизга биринчи навбатда яшнаб турган дарахтлар келади: тоза ҳаво, соя-салқин, бетакрор табиий неъмат. Шаҳар атрофида дарахтзорлар бизни шамоллардан ҳимояласа, шаҳар ичидаги дарахтлар вентиляцион йўлак вазифасини бажаради. Яшил дарахтзорлар ҳавони совитишнинг ягона воситаси бўлиб хизмат қилади.

Фотосинтез жараёнида бир гектар ердаги яшил экинзорлар 200 нафар одамнинг нафас олишига етарли кислородни ишлаб чиқариш қувватига эга. Турли дарахтларнинг барглари ўзидан ҳар хил даражада иссиқлик нурини ва қуёш спектрини ютиб, қайтариб ва ўзидан ўтказиши мумкин. Масалан, ёш эманзор қуёш радиациясининг 96,8 фоиз, қарағайзор 96 фоиз, арча, терак ва эманлар аралаш ўрмон эса 97-98 фоиз нурларни ушлаб қолади; ҳаво намлигини ошириб, инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, дарахтлар инсонларни шовқин-сурондан ҳам ҳимоялайди: шовқиннинг 25 фоизини ютиш хусусиятига эга экан.

Ҳар йили нафақат пойтахтда, бутун республикада минглаб, миллионлаб кўчат экилгани ҳақида баландпарвоз хабарлар эшитамиз. Бу кўчатларнинг кейинги тақдири эса мавҳумлигича қолади.

Хўш, охирги йилларда бизда дарахтларни кўпайтириш ва парваришлашга қандай эътибор берилмоқда?

Биргина 2021 йилда экилган 75 мингта кўчатларнинг бор-йўғи 30 фоизи кўкарган

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат экология қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг туман (шаҳарлари), аҳоли пунктлари, халқ хўжалиги объектлари атрофида яшил ҳудудлар барпо этиш ва 1 миллион дарахт экиш режалаштирилган эди.

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқоновнинг сўзларига кўра, Тошкентда экилган дарахтларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи 30-40 фоиздан ҳам пасайиб кетган.

«2021 йилда пойтахтда 110 минг дарахт экилиши режалаштирилган бўлса, шундан ҳозирга қадар 75 мингтаси экиб бўлинган. Аммо дарахтларни экишда жой танлашда бирмунча хатоларимиз бор. Экилган дарахтлар кўкариши учун суғориш тизимларининг йўқлиги сабаб уларнинг 30-40 фоиздан ҳам кам қисми яшаб кета олади.

Иқлимимиз иссиқ бўлгани боис бу дарахтлар йил давомида сув билан таъминланиши керак, акс ҳолда улар нес-нобуд бўлиши мумкин. Бу эса кейинги йилларда давлат бюджетидан ёки ўша ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобига яна миллионлаб пуллар сарфланишига сабаб бўлади», – деди Фарҳод Деҳқонов.

Маълумки, ҳар баҳорда қулоғимизга чалинадиган «Кўчат экиш акцияси»ни амалга оширишда агротехник имкониятлар ҳисобга олинмайди. Бу акцияларни ўтказиш эса пулни ҳавога совуриш билан баробар. Биргина 2021 йилда қуриб қолган 52 мингдан ортиқ кўчатлар ва кесилган дарахтлар зарар кўлами қай даражада эканини кўрсатади. Ачинарлиси, бу ерда нафақат моддий зарар ҳақида, балки шаҳарнинг чўллашиб бориши ҳақида гап кетяпти.

Экологик фаолларнинг фикрига кўра, Тошкентда амалга оширилаётган катта қурилишлар сабаб кесилаётган дарахтлар пойтахтнинг чўлга айланишига сабаб бўлмоқда.

Журналист Бобур Акмалов бу борада шундай дейди:

«Айни кунларда ҳаво ҳарорати жуда баланд, аммо дарахтлар соясида жон сақлаш мумкин. Афсуски, мана шу дарахтлар Тошкент шаҳрида тобора камайиб бормоқда. Буни ҳаммамиз яхши биламиз. Охирги йилларда пойтахтда қанча яшилликни йўқотганимиз ҳақида маълумотлар бор…

Тошкентда 30 йил давомида яшилликнинг йўқолиб бориши
Сурат PhD Илҳомжон Асланов тадқиқотидан олинди.

Дарахтлар барчамизга ёқади, афсуски бугуни билан яшаётган, келажагини Ўзбекистон билан боғламайдиган девелоперлар, қурувчилар, баъзи амалдорлар фақат кўпроқ пул тўплашни мақсад қилган. Уларни деб бугун яшиллик тобора йўқолиб боряпти.

Энг ёмони – Давлат экология қўмитаси ҳам уларнинг ёнини олаётгандай, ҳаттоки ёрдам бераётгандек таассурот уйғотмоқда. Чунки бир ойдан буён улар билан шу мавзуда интервью уюштириш мақсадида ҳаракат қилдик, аммо жавоб ололмадик.

Бугун турган яшил ҳудудимиз эртага қурилиш майдонига айланса ажабланмайдиган ҳолга келдик. Келинг, шундай бўлмаслиги учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилайлик».

Ўзбекистонда 150 йилдан буён олиб борилаётган кузатувлар иқлимнинг кескин ўзгараётганини кўрсатмоқда ва экологияни асрашга эътиборни кучайтиришни талаб қилади. Бу ҳақда тадқиқотчи, PhD Эркин Абдулаҳатов шундай ёзади:

«… Кутилажак янги иқлим эпохаси биринчи галда озиқ-овқат хавфсизлиги нобарқарорлигида намоён бўлади. Келиб чиқиши тоғ олди ҳудудларига бориб тақалувчи сабзавотлар биринчи галда азият чекади. Чунки, уларнинг турли кўринишдаги гибридлари ҳам иқлимга мослаша олмайди. Текислик ҳудудларида игна баргли дарахтлар экмаслик тавсия этилади. Арчалар совуқ севар ва хоҳлайсизми йўқ, келгусида ўзбек замини «уларники» бўлмайди. Кенг баргли флора дунёсига урғу қаратиш керак.

Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам олдинда турли сюрпризлар турибди. Иқлимнинг маълум даврларга хос муттасил исиши ўтмиш вирусларни »уйғотиб» юбориши мумкин. Ҳаво таркибидаги углерод диоксиди ортиши инсон танасида модда алмашинувида маълум ўзгаришларни келтириб чиқаради. Юқори ҳароратли даврнинг ортиши каналларнинг фаоллашишига олиб келади. Жазирамалар юрак-қон томир касалликлари, чанг бўронлар ўпка, нафас олиш, аллергик касалликлар ортишига олиб келади…

Ўзбекистон олдида мослашиш ва иқлимнинг салбий таъсирларини юмшатиш масаласи турибди. Юқорида амалдорлар мутахассисларнинг фикрини инобатга олмай, тапир-тупур ислоҳотларини давом эттираверар экан, азиятлар юқоридагидан-да хавфли ва эртароқ, тезроқ амалга ошиши мумкин».

Маълумотлар, прогнозлар анча қўрқинчли. Бугунги Тошкентни ўраган чанг-тўзонлар, яшилликсиз ҳаёт уни ичдан емирмоқда.

Фақат ҳисоботлар учун экилиб, қуриб қоладиган дарахт кўчатларининг уволига эртага фарзандларимиз саломатлиги билан товон тўлашмасин.

Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов

Манба: Тошкент чўлланишда давом этяпти. 2021 йилда экилган 75 минг дарахтнинг 52 мингдан ортиғи қуриб қолган (kun.uz)