Президентга мурожаат :  Ўзбекистонда хусусий мулк ҳимоясиз қолмоқда !

Президентга мурожаат : Ўзбекистонда хусусий мулк ҳимоясиз қолмоқда !

09.01.2024 Off

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Сизни юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили сифатида билган ҳолда тўғридан-тўғри мурожаат билан чиқмоқдаман.
Қачонгача судлар ва маҳаллий ҳокимият органлари қабул қилинган Қонунлар, фармон ва қарорларни менсимайди, Конституцияни бузади?
2023 йил 30 апрел куни Янги Конституцияни қабул қилинишига овоз бердик, энди жамиятимизда катта ўзгаришлар бўлади, хусусий мулк дахлсизлиги моддалари тўлиқ ишлайди, кўп вақтдан бери бизга зулм қилаётган очкўз ноинсоф қурувчи ташкилотлардан бизни ҳимоя қилади деб жуда катта умидлар қилган эдик.
Лекин минг афсуски, қабул қилинган бу Янги Конституцияга, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ва бошқа тегишли қонунчилик ҳужжатларига беписандлик билан ёндашилиб, фуқаролик ҳақ ҳуқуқлари оёқ ости қилинган ҳолда суд қарорлари чиқарилмоқда.

«СНОС» масаласида, яъни давлат органларига одамларнинг уй-жойларини эгаларининг розилиги бўлмасдан бузишга йўл қўймаслик, фуқароларнинг хусусий мулкга бўлган ҳуқуқларини поймол қилмаслиқ тўғрисида кўп маротабада гапирганингизга қарамасдан Сиз томонингиздан олиб борилаётган сиёсатни ҳали ханузгача тушуниб ётмаган маҳаллий ҳокимият органлари мутассадиларининг, судъяларнинг мавжудлиги сабаб оддий халқ жабр кўрмоқда.
Бугунги кунда оиламиз замонавий ҳуқуқий давлатда тасаввур қилиб бўлмайдиган вазиятга тушиб қолган.
Мажбурий кўчириш халқаро шартномаларда мустаҳкамланган фуқаролик, маданий, иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқларнинг бевосита ёки билвосита бузилишини ўз ичига олади
Оиламизни ЎЗ УЙИМИЗДАН мажбуран кўчиришяпти, бу Давлат ёки жамоат эҳтиёжи учун эмас (масалан кўприк, йўл қуриш ва х.к.), фақатгина кимдир уйимиз ўрнига кўп қаватли бино қуриб шахсий фойда кўришни мақсад қилгани учун кўчириляпмиз.
Ва бизнинг розилигимиз муҳим эмас, кўчишни хоҳлаймизми ёки йўқми. Асосийси У (қурувчи ташкилот – GOLDEN HOUSE, лойиҳа – MIRABAD AVENUE) шундай хохлади ва қаерга кўчиришни ҳам у хал қилади. Бизга танлаш ҳуқуқи хам берилмаган (15 кишилик оиламизни шаҳарнинг энг марказидан, арзон қурилган, экологик аҳволи жуда ёмон бўлган (чунки яқин атрофда фабрикалар кимёвий чиқиндиқлар чиқаради) Эски Текстил фабрикани ўрнига қурилган уйларга кўчиришяпти (300 кв.м. уймиздан, 67 кв.м. лик 2 та хонадонга чиқариб юборишяпти).
Биз қайси даврда яшаётганимизни, ҳурмизми тушунмай қолдик – бизнинг ўрнимизга қаерда яшаб – яшамаслигимиз ҳал қилиняпти.
Судда, ҳаттоки ижтимоий нормага тўғри келмайдиган (аслида 15 нафар киши учун 16 кв.м.дан – 240 кв.м. бўлиш керак) ва ўз уйимизнинг майдонидан анча кам бўлган берилаётган бу икки квартирани катъиян рад эттим. Уйимиз – 300 кв.м., лекин бизни 135 кв.м.га ҳайдаб чиқаришяпти ва муҳим жиҳати у ерда экологик муҳит жуда хавфли ва бу бизнинг болаларимиз ва кекса онамга салбий таъсир кўрсатади.
Бузилаётган уйимиз ўрнига қуриладиган кўп қаватли уйларга кўчишга рози эдик, чунки фарзандларимизнинг мактаби, боғчаси яқин ва ўзгартирмаслик мақсадида ёки уйимизни бузмасдан шундоқ қолдиришларини илтимос қилдик. Уйимиз ҳеч кимга халақит қилмаяпти чунки ён қўшни ҳудудда Синагога жойлашган ва уларни иморати бузилмаяпти сабаби улар судларда ютиб чиқди ва ер ажратиш ҳоким қарорини, узига тегишли кисмини бекор қилдирди. Лойиҳага кўра, кўп каватли уйлар, мани уйим ва Синагога жойлашган ҳудудни ўрнига қурилиши керак. Уйим бузиб ташланса ҳам лойиҳага кўра уй барибир қуриб бўлмайди. Шунинг учун энг оптимал вариант – уйимизни бузмасдан қолдиришсин ва бизга ота ҳовлида яшашга имкон беришсин.
Аммо суд учун бизнинг бу важ ва истакларимиз мутлақо аҳамиятсиз қолиб улар фақат қурувчи ташкилотни хоҳишларини эшитишяпти. Судларда аудио ва видео ёзувга рухсат берилмайди, акс ҳолда бизнинг далилларимизга эътибор бермаслик ҳақида яна кўп фактлар келтирган бўлардим. Аммо мен каби ҳолат бўйича судга дуч келганлар, ишонаманки, сўзларимнинг тўғрилигини тасдиқлашади.
Хатто бизнинг уйимиз учун компенсация масаласи ҳам фақат қурувчи ташкилотнинг розилиги билан ҳал қилинган. Аввалги судлар тажрибасидан сабоқ олиб, судлар фақат компенсация тўлаш масаласини кўриб чиққанлигини ва мендан уйимнинг баҳолаш ҳисоботи борлигини сўраганлигини ҳисобга олиб, Олий суднинг судлов хайъатига уйимнинг бозор қийматини курсатган баҳолаш ҳисоботни тақдим қилдим Ва бу ҳисобот, Сулаймонова номли суд экспертиза маркази томонидан тасдиқланган эди. Лекин қурувчига ҳисоботда кўрсатилган уйимнинг қиймати тўғри келмагани учун бу ҳисоботни тан олмаслигини ва Сулайманова маркази томонидан уйимни баҳолашни суддан талаб қилди (амалдаги қонунчиликга кўра, уйнинг бозор қийматини, Сулайманова маркази эмас, мустақил баҳолаш ташкилотлари белгилайди ва бундай ҳисобот манда бор эди). Судья менинг эътирозларимга қарамай, Сулаймонаванинг мутахассисларига сарф-харажат ва таққослаш ёндашувлари билан уйимнинг бозор қийматини белгилашга топшириқ берди.
Сулейманова экспертлари уйимни фақат сарф-харажат ёндашуви билан баҳолади, хатто келиб уйни кўриб ҳам кетмади, ичидаги ремонтларини ва бошқа нархга таъсир қилиши мумкун бўлган фактларни ўрганиб ҳам ўтирмасдан ўз хулосасини берди. Натижада уйимнинг киймати жуда паст баҳоланди ва хақиқий бозор кийматини акс эттирмади. Бундан ташқари, уйимни қиймати бир йил олдинги даврга баҳоланди. Аммо бу миқдор қурувчига маъқул бўлгани учун 2 та квартира пули айириб ташланган ҳолда компенсация тўлашга тайёрлиги ҳақида хат олиб келди.
Суд эса ушбу компенсацияни тўлашга ва бизнинг оиламизни уйимиздан кўчиришга қарор қабул қилди.

Дилмурод Мирусмановнинг Golden House ширкати томонидан бузилаётган уйи


Суднинг вазифаси ижтимоий адолатни таъминлашдан иборат эмасми? Уйимни кўздан кечирмасдан, фақатгина сарф-харажат ёндашуви билан ва эски сана билан қийматини белгилаб, қонун талабларига мувофиқ тайёрланган баҳолаш ташкилотини ҳисобатини асоссиз рад қилса, қандай адолат ҳақида гапириш мумкин?
Кўчириш тўғрисида қарор қабул қилишда суд қонунни бузди. Қонунга кўра, кўчириш тўғрисидаги қарор мен компенсация олганимдан 6 ой ўтгач қабул қилиниши мумкин эди. Бу ҚОНУНда ёзилган ва суд қонунларга асосланиб қарор қабул қилиши шарт эди.
Конституция ва Қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларимизни қандай ҳимоя қилишимиз мумкин, агар судьялар қонуннинг хусусий мулк даҳилсизлиги тўғрисидаги нормаларини бу каби бузиб келишса.
Бир неча йилдирки, ўз мулкимизни ҳимоя қилишга харакат қиляпмиз. Барча давлат органларига қилган мурожаатларимиз самарасиз қолмоқда, ҳеч ким муаммони чуқур ўрганиб, ҳал қилишга уринмаяпти, фойдасиз хат жавоблари юборилмоқда.
2017 йил 11 сентябрдаги №1218 сонли Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан «ABSOLUTE BUSINESS TRADE» хусусий корхонасига кўп қаватли уйлар қуриш шарти билан 6 гектар ер майдони ажратилган. (Лойиҳа – MIRABAD AVENUE).
Ер участкасини ажратишнинг ўзи ҳам қонунга зид равишда содир бўлган. Ҳоким бошқа шахсларга тегишли бўлган ер участкаларини бошқасига бериш ҳуқуқига эга бўлмаган фақат ҳокимликнинг ер захира фондида бўлган ер участкаларни ажратиши мумкин эди. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23 ва 37 – моддалари бузилган. Шунингдек, ўша пайтда Вазирлар Махкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54 – сонли қарори амалда бўлиб, унинг 12 бандида аниқ қилиб шундай ёзилган:
…юридик ва жисмоний шахслардан, қонун хужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқлари бошқа жисмоний ва юридик шахсларга рўйхатга олинган бино ва иншоатлар эгаллаб турган, ер майдонларни ажратиш тўғрисидаги ариза келиб тушган ҳолларда, ариза берувчига бу ер участкасини ажратиш имкони йўқлиги ва мулкдорлардан кўчмас мулкни мустақил равишда сотиб олиш таклифи ёки бошқа бўш ер майдонлар танлаш кераклиги тўғрисида хабарнома юборилади.
Ҳокимнинг ушбу қарорини маъмурий судда бекор қилишга харакат қилдик, аммо натижа бўлмади. Барча суд инстанциялари даъво талабимни рад қилди, аммо энг хайрон бўлган вазият шуки бир вақтнинг ўзида қўшниларимиз Синагога ҳам худди шундай даъво билан судга мурожаат қилган ва уларнинг талаблари қаноатлантирилиб, ҳокимнинг ушбу қарори Синагогага тегишли участкага бекор бўлди.
Қандай қилиб қонунлар икки хил ишлайди? Мазмунан бир хил даъво аризалар бўлсада, нимага кимгадур нисбатан қонун ишламоқда, лекин бизга нисбатан қонун ишламаяпти? Судда бир хил важлар ва бир хил қонун моддалари келтирилди. Бизнинг ҳолатимизда ҳам қонунлар ишлаши учун нима қилиш керак?
Агар маъмурий судлар, уйларимиз жойлашган ерни қурувчи ташкилотга ажратишда ҳуқуқларимиз бузилганлигини кўрмаган бўлса, фуқаролик судлари бундан ҳам ўтиб тушди. Қурувчи ташкилотнинг, ЎЗ УЙИМИЗДАН МАЖБУРИЙ КЎЧИРИШ даъвосини тўғри топишди.
Ўзбекистон Республикаси қонунларида мулкдорни ва унинг оила аъзоларини ўз уйидан чиқариб юборишга рухсат берувчи бирорта ҳам норма йўқ. Бизнинг ҳеч кимдан қарзимиз йўқ.
Суд оиламизни ўз уйимиздан кўчириш қарорини Уй-жой кодексининг 27 ва 71- моддаларини қўллаб қарор қабул қилмокда. Ваҳоланки, бу моддалар давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер олиб қўйилганда ва муниципал уйлардан кўчириш тартибини белгилайди. Бизнинг уйимиз муниципал уй-жой эмас ва хусусий фирма тарафидан қуриладиган кўп қаватли уйлар давлат ва жамият эҳтиёжи эмас, шунинг учун ҳам бу моддалар асосида бизни кўчириши мумкин эмас. Адлия вазирлиги бу масалада расмий тушунтириш берган, аммо бунинг судлар учун аҳамияти йўқ.
Ҳурматли Президент энди нима қилишимиз керак? Қандай курашишимиз ва хусусий мулкимизни қандай ҳимоя қилишимиз керак? Агар курувчи ташкилот мулкдорлардан хусусий мулкини тортиб олишни идеал схемасини ишлаб чиққан бўлса.
Аввал сизга маъқул бўлмаган, қонунларга мувофиқ берилиши керак бўлган энг минимал стандартларга ҳам жавоб бермайдиган компенсация таклифини юборади. Кейин маълум вақт ўтгандан сўнг сизни мажбуран кўчиришга судга даъво ариза киритади.
Бўлди, энди мулкдор ҳеч нарса қилолмайди. Қаерга мурожаат қилмасин ҳокимият, прокуратура ва бошқа давлат идоралари ҳаммасидан бир хил жавоб келади, иш судда кўрилаётгани учун биз аралашмаймиз, суд мустақил, адолатли қарор чиқаради. Суд қарори, қонунга аниқ зид бўлса ҳам уни фақат юқори турувчи суд бекор қилиши мумкин. Лекин кўп ҳолларда юқори турувчи инстанция биринчи инстанция қарорини кучда қолдиради. Бош прокуратура ҳам протест киритиши мумкин, лекин қилинган мурожаат туман даражасига тушурилади, у ердан эса қонун бузилмаган деб жавоб келади.
Охирги бир неча йил ичида биз интернетда кўплаб мақолалар эълон қилдиқ, Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаатлар қилдик, аммо натижа бўлмади. Ҳамма ҳеч нарса бўлмагандай юрибди, ҳеч ким келиб вазиятни ўрганмаяпти. Аммо муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлмайди, 3 кундан кейин яъни шу йил 11 январ куни соат 10.30да уйимиздан мажбурий кўчиришга МИБ ходимлари келади.
Суд қарорларининг ноқонунийлиги ҳақидаги далилларимиз уларни қизиқтирмайди, уларга суддан олган ижро варақаси етарли асос кўчиришга. Биз МИБ ходимларнинг бундай вазиятда қандай ҳаракат қилишини кўрганмиз, улар дарвозаларни бузиб, мажбурлаб нарсаларни олиб чиқишади, таҳдид қилишади ва ҳоказо. Кўчадаги, бегона одам ҳам содир бўлаётган ҳақсизликларни кўриб, ўзини ёмон ҳис қилишни бошлайди. Энди хонадон эгаларини ҳолларини гапирмаса ҳам бўлади. МИБ ходимлари, ёш бола, қария, касал демасдан, ҳаммани ўз уйидан маҳрум қолдиришади. Кўпчилик бунга бардош беролмайди ва шунинг учун ҳам тез ёрдам мошинаси ҳам албатта чақирилган бўлади. Афсуски, бундай стресли ҳолатларда, Аллоҳни ўзи асрасин нохуш (ўлим) ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Ижтимоий тармоқларда бунга мисоллар бор.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, Сиздан 15 кишилик оиламиз номидан ҳуқуқларимиз тикланишига ва мурожаатимиз адолатли ечим топишига ёрдам беришингизни сўрайман!
Sana: 06.01.2024
Mirusmanov Dilmurod
Toshkent sh.
Yakkasaroy tumani
Mirobod-2 ko’chasi, 7-uy
Tel:+998 97 749 99 51
e-mail: dili2025@gmail.com.