Ўзбекистонда мулкдорлар ҳуқуқлари қандай поймол этилмоқда – Ташкент-СНОС гуруҳи
21.09.2023Умумжаҳон даврий шарҳ (УДШ) БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг механизми бўлиб, ҳар тўрт йилда бир марта БМТга аъзо 193 та давлат томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича мажбурият ва вазифаларнинг бажарилишини мунтазам равишда кўриб чиқади.
Умумжаҳон даврий шарҳ БМТ Бош Aссамблеясининг 60/251 резолюциясига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, унда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ташкил этилган. Кўриб чиқиш Кенгашнинг 47 аъзосидан иборат УДШ ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилади; бироқ, БМТга аъзо ҳар қандай давлат кўриб чиқишда, жумладан, интерактив мулоқотда иштирок этиши мумкин.
Кўриб чиқиш қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади: 1) тегишли давлат томонидан кўриб чиқиш учун тайёрланган, “миллий ҳисобот” шаклида бўлиши мумкин бўлган маълумотлар; 2) инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мустақил мутахассислар ва экспертлар гуруҳлари, махсус тартиблар, инсон ҳуқуқлари бўйича шартнома органлари ва БМТнинг бошқа тузилмаларининг маърузаларида мавжуд бўлган маълумотлар; 3) бошқа манфаатдор томонлар, шу жумладан нодавлат ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар томонидан тақдим этилган маълумотлар.
Шу вақт ичида Ўзбекистон ўз УДШни уч марта тақдим этган. Охирги марта УДШ нинг учинчи циклида, 2018 йил май ойида бўлган. 2023-йил ноябр ойида Ўзбекистон ўзининг тўртинчи Миллий ҳисоботини тақдим этади.
“Ташкент-Снос” гуруҳи иккита муқобил ҳисобот тайёрлашда иштирок этди: бири мажбурий кўчириш, иккинчиси ер майдонидан фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича.
28 август куни Женевада Инсон ҳуқуқлари кенгашида дастлабки йиғилиш бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон расмий делегацияси Ҳисоботнинг қисқача мазмунини тақдим этди (ҳали эълон қилинмаган). Ўзбекистонлик фуқаролик фаоллари эса Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида ўз маълумотларини тақдим этди.
Эътиборингизга “Тошкент-СНОС” гуруҳи тақдим этган қисқача ахборот бюллетенини келтириб ўтамиз.
Ўзбекистонда тартибга солинмаган урбанизация туфайли инсон ҳуқуқларининг бузилиши
Инсоннинг етарли уй-жойга бўлган ҳуқуқи бузилишига сабаб бўлган тартибга солинмаган урбанизация жараёнлари масалалари 2018-йилда УДШнинг учинчи циклида кўриб чиқилмаган. Бу муаммо 2017-йилдан бошлаб пайдо бўлди ва ривожланди.
2022-йил 4-мартда БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси (ИИМХҚ) ўзининг Якуний мулоҳазаларида “мулкни экспроприация қилиш ва мажбурий кўчириш ҳақидаги ҳисоботлар бўйича ўзининг афсусланлигини изҳор этди” (ҳужжат индекси Е/C.12/UZB/CО/3, у билан танишиш учун ҳаволага киришингиз мумкин). ИИМХҚ “шунингдек, Иқтисодиёт, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича халқаро пактнинг (ИИМҲХП) 11-моддасини бузувчи мулкдан маҳрум этишга олиб келадиган ҳолларда миллий қонунчилик базасига риоя қилмаслик ҳақидаги хабарлардан хавотирини билдирди. Қўмита, жумладан, кўчиришни фақат охирги чора сифатида ва қонун ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларга мувофиқ амалга оширишни ва жабрланган аҳолига арзон юридик ёрдам тақдим этишни тавсия қилди (Е/C.12/УЗБ/CО/3, 43-банд)». Бу тавсиялар бажарилмади.
Ҳисобот даврида – 2018 йилдан 2023 йилгача – амалда бўлган Ўзбекистон қонунчилигида хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида сўз юритилади; булар мамлакатимиз Конституцияси ва қонунлари қоидалари: Конституциянинг 53-моддасида (2022-йил апрелгача бўлган таҳрирда) шундай дейилган: “Хусусий мулк дахлсиздир ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор ундан фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда маҳрум этилиши мумкин”. Худди шу қоида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 166, 164, 199-моддаларида, “Мулк тўғрисида”ги қонуннинг 32-моддасида, Уй-жой кодексининг 11-моддасида ва ҳукуматнинг қатор қарорларида мустаҳкамланган . Бироқ айнан мана шу қоидалар Ўзбекистон давлат ва суд органлари томонидан фаол равишда бузилмоқда.
***
Нималар бузилмоқда
1) Тегишли уй-жой ва соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқлар, ИИМҲХП 11-модда (Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт).
Ўзбекистон Ҳукуматининг 2018-йил май ойидаги УДШ 3-босқичида тақдим этилган Миллий маърузаси қоидалари (ҳужжат индекси А/HRC/WG.6/30/UZB/1, уни ҳавола орқали ўқиб чиқишингиз мумкин):
– А42 ва А47 боблари. “Давлат институтлари ва самарали бошқарув”, 17-бандда “Одамлар давлат ҳокимияти органларининг хизматида эмас, балки давлат ҳокимияти органлари халқ хизматида” деган тамойил эълон қилинган.
– Б41 боби. “Тараққиёт ҳуқуқи”, 35-банд: “Ўзбекистон Минг йиллик ривожланиш мақсадлари бўйича ўз мажбуриятларини муваффақиятли бажарди. Сув ва ерни бошқариш тизими такомиллаштирилди”.
Ҳақиқатда нима содир бўлмоқда
1) Фуқароларнинг асосий шикоятлари маҳаллий ҳокимият органларининг хусусий ширкатларга ер ажратиш тўғрисидаги қарорлари уй-жойларни тортиб олиш ва бузишга олиб келади ва ўз-ўзидан ноқонуний ҳисобланади.
Ушбу қарорлар амалдаги қонунчилик қоидаларига зид равишда аҳоли ва тегишли муниципалитет депутатлари Кенгаши билан олдиндан маслаҳатлашувларсиз қабул қилинган.
Қонун ҳужжатларида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун қурилиш лойиҳалари амалга оширилган тақдирдагина ер участкаларини олиб қўйиш имконияти белгилаб қўйилган. Гап ҳарбий, стратегик, кончилик ва ижтимоий инфратузилма лойиҳалари (охиргиси марказлаштирилган инвестициялар орқали) ҳақида бормоқда. Ваҳоланки, ҳисобот даврида аҳоли зич жойлашган ҳудудлардаги улкан ер майдонлари хусусий фирмаларга уларнинг тижорат манфаатларини кўзлаб, кўп қаватли тижорат бинолари ва савдо марказларини қуриш учун ажратилган. Шаҳарнинг ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаси эҳтиёжлари бўйича ҳеч қандай тадқиқотлар ўтказилмаган. Янги шаҳар бош режалари ишлаб чиқилмаган. Ўзбекистон шаҳарларининг ҳозирги бош режалари совет давридан қолган режалар бўлиб, уларга ҳам амал қилинмаяпти.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер ажратиш бўйича қабул қилинган қарорлар Адлия вазирлигининг ҳуқуқий маълумотлар базасида (Lex.uz) рўйхатга олинмаган ва эълон қилинмаган, бу эса тегишли қонун ҳужжатлари нормаларининг бузилиши ҳисобланади.
Қурилиш фирмаларининг молиявий ва ҳуқуқий тажрибаси етишмаслиги (тўлиқ юридик назорат). Қурилиш компанияларининг аксарияти ер участкаларини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинишидан бир неча ой олдин тузилган. Уларнинг аксарияти кичик устав капиталига эга кичик ва ўрта бизнес субъектлари сифатида рўйхатга олинган. Бундан ташқари, улар ҳеч қачон қурилиш ишлари соҳасида тажриба ёки малакага эга бўлмаган.
Энди биз тегишли текширув йўқлигининг натижасини кўряпмиз: бу қурилиш фирмаларига пул тўлаган минглаб одамлар қурилиш фирмаларининг айби билан квартирасиз қолган.
Қурилиш ишлари устидан назоратнинг йўқлиги янги биноларнинг сифатсизлигига олиб келди. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2021-2022-йилларда лифтдаги авариялар натижасида беш киши, жорий йилнинг июл ойида эса бир аёл лифтда ҳалок бўлган. Ўтган йилнинг июн ойида Тошкентдаги янги бинолардан бирида лифтнинг тўсатдан қулаши оқибатида 11 киши жабрланган эди.
Атроф-муҳит ва энергетика масалалари. 2022-2023 йиллар қиш мавсумида энергия инқирозининг сабабларидан бири – энергия тизимларига қўшимча талабларни баҳолаш бўйича шаҳарнинг бош режалари йўқлигига қарамасдан кенг миқиёсли қурилишни жадал равишда ривожланиши. Янги турар-жой биноларининг кўплиги ривожланишнинг турли босқичларида тармоқларда қўшимча босимни келтириб чиқаради.
Яқинда Тошкент ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатига киритилди. Шаҳар аҳолиси ва оммавий ахборот воситалари кўплаб қурилиш лойиҳалари, дарахтларни кесиш, сув ҳавзаларини қуритиш ишлари Тошкентда чанг даражасининг ошишига сабаб бўлаётгани ҳақида доимий равишда хабар бермоқда.
Кўпинча, чуқур қазиш пайтида қурилиш фирмалари ер ости сувларининг қатламларига дуч келишади ва ишни давом эттириш учун улар бу тоза сув захираларини кўп ойлар давомида шаҳар канализациясига ёки яқин атрофдаги каналларга оқизиб қўядилар.
Ҳукумат ўсиб бораётган жамоатчилик ғазабига жавоб берди. Президент маъмурияти хабарига кўра, Ўзбекистон Президенти Мирзиёев “қурилишга рухсат беришда мавжуд инфратузилмага тушадиган босимлар тўғри ҳисобланмаганини танқид қилган. Шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинди”. Бироқ, бу баёнотлар ҳеч қандай ҳужжатлар билан тасдиқланмади, бу эса судяларга фуқароларнинг қурилишни тўхтатиш ва бузиш қарорларини бекор қилиш талабларини рад этишда давом этишига имкон берди.
***
Нималар бузилмоқда
2) Одил судлов ҳуқуқи: 7 ва 8-моддалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси
Ҳақиқатда нима содир бўлмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маълумотларига кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилаётган ишларнинг салмоқли қисмини ер участкалари билан боғлиқ бўлган муниципалитетларнинг (маҳаллий ҳокимликлар; ҳокимликлар – таҳр.) қарорлари устидан берилган шикоятлар ташкил этади: 16 256 та маъмурий ишнинг 3000 таси 2019 йилда. 2020 йилда шунга ўхшаш даъволар 3045 тани ташкил этди (барча кўрилган ишларнинг 22,7%).
Бироқ, судялар ушбу даъволарни моҳиятан кўриб чиқмайдилар ва иккита сабабга кўра уларни қондиришдан бош тортадилар:
– маҳаллий маъмурият қарорлари устидан судга даъво қўзғатиш муддати тугаши – уч ой (лекин бу қарорлар эълон қилинмаган, қайси кундан бошлаб уч ойлик муддатни санаш керак?!)
– гўёки уй-жойни бузиш тўғрисидаги қарорлар фуқароларнинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди (!!!)
Кўчирилган аҳоли учун адвокатларнинг ҳуқуқий ёрдами жуда қимматга тушади, чунки бузиш ва кўчиришлар биринчи навбатда кам таъминланган оилаларга таъсир қилади. Бундан ташқари, судялар қурилиш фирмалари ва муниципалитетларни қўллаб-қувватлашини ҳисобга олсак, камдан-кам адвокатлар аҳолини уй-жойидан кўчириш билан боғлиқ ишларини олиб боришга рози бўладилар, чунки улар мағлуб бўлишлари маълум.
Шу боис, бузилиш қурбонлари кўпинча Ўзбекистон қонунчилигида рухсат этилган ихтиёрий вакиллар хизматига мурожаат қилишади. Бироқ кўрилган барча ишлар бўйича судлар ихтиёрий вакилларнинг жараёнда иштирок этишига рухсат бермаган. Судлар қарама-қарши томон – қурилиш фирмалари – бундай вакилликка қарши эканлигига ишора қилишади. Шундай қилиб, фақат қурилиш фирмаларининг қаршилиги туфайли судлар кўчириш қурбонларини ҳимоясиз қолдирадилар.
Бундан ташқари, қурилиш фирмалари томонининг қаршилиги туфайли барча судлар фуқароларнинг суд жараёнлари давомида аудио ва видео ёзувларини амалга ошириш имконияти ҳақидаги сўровларини қондиришдан бош тортадилар. Шундай қилиб, уй-жойидан мажбуран кўчирилган аҳоли судларнинг ишларни бир томонлама кўриб чиқиши, қурилиш фирмалари фойдасига қарорлар қабул қилиши бўйича далилларсиз қолмоқда. Суд муҳокамасидан кейин фуқаролар судяларнинг хатти-ҳаракатлари устидан Олий суд кенгашига шикоят қила олмайдилар.
Кўриб чиқилаётган аниқ иш билан боғлиқ бўлмаган қонун қоидаларини қўллаш
Амалдаги қонунчиликда хусусий мулкни мажбурий олиб қўйиш ва хусусий тижорат компаниясининг илтимосига биноан мулкдорни мажбуран чиқариб юбориш кўзда тутилмаган. Бундай ҳолларда судялар «қонун ўхшашлиги» орқасида яшириниб, хусусий уйни коммунал мулк билан, хусусий компанияларнинг тижорат манфаатларини эса давлатнинг жамоат эҳтиёжлари билан тенглаштиради. Судялар давлат эҳтиёжлари учун бузишни тартибга солувчи қонун қоидаларини келтириб ўтишади, аксарият бузиш ва мажбуран кўчиришлар фақат хусусий кўчмас мулк ва тижорат компаниялари фойда олиши учун амалга оширилади. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, давлат эҳтиёжларининг тўлиқ рўйхати хусусий тижорат кўчмас мулкига тааллуқли эмас.
Нималар бузилмоқда
3) Шахсий ва оилавий ҳаётга ўзбошимчалик билан аралашиш (12-модда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси)
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 5-моддасида: “Ҳеч ким қийноққа солиниши, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазога дучор бўлиши мумкин эмас”, дейилган.
Мажбурий кўчириш қийноқ даражасида кўрилиши керак!!!
Ҳақиқатда нима содир бўлмоқда
3) Мажбурий кўчириш тартиби Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида кўрсатилмаганлиги сабабли, уни ҳеч нарса чекламайди. Сизни ҳар қандай об-ҳавода, исталган вақтда, ҳатто тунда ҳам уй-жойингиздан чиқариб юборишлари мумкин. Ҳомиладор аёлларни, беморларни, аффект ҳолатидаги одамларни ҳам чиқариб юборишлари мумкин. Агар шахс барча ҳуқуқий ҳимоя воситаларини тугатмаган бўлса ҳам, масалан, иш Олий судда кўриб чиқилаётган бўлса ҳам, уни уйидан чиқариб юборишлари мумкин.
Кўчириш тартибининг ўзи жуда шафқатсиз: бу ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг катта концентрациясини ўз ичига олади ва улар дарвоза ёки эшикларни бузиши, деразаларни синдириши, ҳатто уй эгалари йўқлигида ҳам уларга тегишли барча буюмларни кўчага чиқариб ташлаши мумкин.
Шундай воқеа Олий судда иши кўриб чиқилаётган вақтда уйидан чиқариб юборилган тошкентлик М.М. билан содир бўлди. Уни 2021-йил март ойи ўрталарида уйидан мажбуран чиқариб юборишган ва бу аёл ўз уйидан қувилгандан 10 кун ўтиб вафот этди.
Нималар бузилмоқда
4) Меҳнат ҳуқуқлари: 6, 7-моддалар Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт
Е31 боби қоидалари. “Меҳнат қилиш ҳуқуқи” Ўзбекистон Миллий ҳисоботи, УДШ 3-босқич, 2018-йил 7-18-май.
Ҳақиқатда нима содир бўлмоқда
4) Ўзбекистонда фуқаролик қурилиши лицензияланган фаолият тури ҳисобланмагани боис, айрим кишилар қурилиш компанияси очиб, бемалол ер участкасини қўлга киритиши, яшовчиларни осонгина уйларидан чиқариб юбориши ва малакали кадрларсиз, хавфсизлик техникасини ўргатмасдан ва ҳеч қандай назоратсиз қурилиш жараёнини бошлаши мумкин. Президент фармонига биноан Ўзбекистон Республикасида 2020-йил 30-октабрдан қурилиш ташкилотларига ишчиларни меҳнат шартномасисиз ёллаш ва иш ҳақини нақд пулда тўлашга рухсат берилди. Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2019-2022 йилларда барча қурилиш компанияларининг қарийб 50 фоизи солиқ декларациясида фақат битта ходимни кўрсатган, бу солиқ тўлашдан бўйин товлаш каби кўринади.
Қурилиш назорати ва хавфсизликнинг йўқлиги бахтсиз ҳодисалар ва ишчиларнинг ўлимига олиб келади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, 2017-2020-йиллар давомида қурилишда 302 та бахтсиз ҳодиса рўй берган, бунинг натижасида 119 киши ҳалок бўлган, 117 киши оғир тан жароҳати олган. Кўпинча, агар компания давлат бюджетига ижтимоий тўловларни тўламаса, ишчилар ва уларнинг оилалари компенсация олмайдилар.
Тавсиялар
– қонун ҳужжатларидаги ер участкаларини бериш ва олиб қўйиш билан боғлиқ барча номувофиқлик ва ноаниқликларни бартараф этиш, “қонун ўхшашлиги”га йўл қўймаслик.
– ерларнинг ноқонуний олиб қўйилганлиги тўғрисидаги даъволарни текшириш ва тегишли бўлмаган қонун нормаларидан фойдаланган ҳолда ўз уйларидан кўчирилган шахсларга компенсация тўлаш бўйича мустақил комиссия тузиш.
– кўчириш билан боғлиқ ҳолатлар ва кафолатларни қатъий белгиловчи қонунчилик чораларини кўриш ва бундай чоралар жорий этилгунга қадар барча мажбурий кўчиришларни тўхтатиш.
Саволлар
Ўзбекистон ҳукумати делегациясига қуйидаги саволни берилишини истардим: “Бундай ажойиб ёзма қонунларга эга бўлган давлатда уларнинг доимий бузилишидан халқ нима учун азоб чекмоқда?”.
Фарида Шарифуллина, Фейcбукдаги “Ташкент-СНОС” гуруҳи администратори, www.housing-uz.info